Бектемир тумани таълим ходимлари учун қадимий Самарқанд шаҳрига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди



Юртимизда ички туризмни ривожлантириш ҳамда таълим соҳаси фидойиларининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги педагоглар ва ишчи-ходимлар учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бектемир тумани бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан тумандаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар жамоаси учун махсус саёҳат дастури амалга оширилди.
Саёҳат давомида соҳа ходимлари бой тарихимиз, улуғ аждодларимиз мероси ва бетакрор меъморий обидаларга гувоҳ бўлдилар. Хусусан, Ислом оламининг буюк мутафаккири Имом Бухорий мажмуаси, муҳташам ва маҳобатли Регистон майдони, асрлар силсиласини ўзида жо этган Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамда Амир Темур хоки қўним топган Гўри Амир мақбараси каби муқаддас тарихий қадамжолар зиёрат қилинди. Очиқ осмон остидаги музей шаҳарнинг сеҳри меҳмонларда унутилмас ва ёрқин таассуротлар қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби маънавий-маърифий сафарлар таълим ходимларининг кундалик ва масъулиятли меҳнат фаолиятидан сўнг нафақат мароқли дам олишларига, балки уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, миллий қадриятларимиз ва тарихий меросимизга бўлган ҳурмат туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилади. Мулоқот ва зиёратлар давомида ҳамкасблар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланди.
