Нурафшонлик таълим фидойилари учун Самарқанд шаҳрига мазмунли саёҳат ташкил этилди

Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш ва таълим соҳаси ходимларининг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида Нурафшон шаҳрида фаолият юритаётган бир гуруҳ педагоглар учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига икки кунлик унутилмас саёҳат уюштирилди.
Жорий йилнинг 24–25 апрель кунлари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нурафшон шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тизимида фидокорона меҳнат қилаётган 50 нафар устоз ва мураббийлар учун мазкур маданий-маърифий сафар амалга оширилди.
Саёҳат давомида иштирокчилар юртимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан яқиндан танишиш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш ҳамда миллий қадриятларимиздан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлдилар. Хусусан, Самарқанднинг яқиндагина янгидан очилган Имом Бухорий мажмуаси, шунингдек, машҳур тарихий обида — Гўри Амир мақбарасига қилинган ташрифлар педагогларда чуқур ва ёрқин таассурот қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, бундай саёҳатлар иштирокчиларга нафақат маданий ҳордиқ чиқариш, балки ўзаро тажриба алмашиш, самимий мулоқот қилиш ва жамоавий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун қулай майдон яратади. Бу каби эзгу ташаббуслар педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ҳамда келгуси меҳнат фаолиятидаги самарадорликни оширишга муносиб хизмат қилади.
Самарқанднинг сеҳрли тарихи ва гўзаллигидан баҳра олган устозлар ўз манзилларига илиқ хотиралар, кўтаринки кайфият ва янгича илҳом билан қайтдилар.
