«Хотира абадий – эҳтиром муқаддас»: Наманганда ўтган авлодлар хотираси ёдга олиниб, фахрийлар эъзозланди






Байрам доирасида Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 37-умумий ўрта таълим мактабида ёш авлодга таълим-тарбия беришда фидокорона меҳнат қилган марҳум устозлар – Муҳайёхон Ғаффарова ҳамда Ҳафизхон Дадабоевлар хотирасига бағишланган хотира семинари ташкил этилди.
Тадбир давомида ўқувчилар ва устозлар иштирокида «Миллий қадриятлар ёшлар нигоҳида» мавзусидаги кўргазмалар, спорт мусобақалари, «Қушлар байрами», ўқувчиларнинг қўл меҳнати намуналари намойиши, «Турон мактаб театри» саҳна кўринишлари, «Ош танлови» ҳамда «34 ҳафта – 34 китоб» лойиҳаси каби кўплаб йўналишларда танловлар юқори савияда ўтказилди. Ушбу жараёнларда фаол иштирок этган устоз ва мураббийлар касаба уюшмаси шаҳар кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шунингдек, айём муносабати билан Наманган вилояти мусиқали драма театрида намойиш этилган «Муҳаббат нафаси» номли концерт дастурига байналминалчи жангчилар, меҳнат фахрийлари ва касаба уюшма фаолларидан иборат 50 нафар иштирокчи учун чипталар олиб берилиб, уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши таъминланди. Бундан ташқари, 8 нафар фаол касаба уюшмаси аъзосининг пойтахтимиз Тошкент шаҳрига саёҳати уюштирилмоқда.
Хотира ва қадрлаш кунининг энг асосий моҳияти бўлган инсонпарварлик тамойиллари асосида кекса авлод вакиллари, узоқ йиллар таълим соҳасида хизмат қилган меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олинди. Хусусан, 1927 йилда туғилган ва бугунги кунда қутлуғ 100 ёшни қарши олаётган Муборакхон Дадабоева, шунингдек, фахрий устозлар Мағфиратхон Бабаева ҳамда Муҳаррамхон Аҳмедоваларнинг хонадонларига ташриф буюрилди. Уларга касаба уюшмаси ва ташкилотчилар томонидан совға-саломлар ҳамда кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилиб, илиқ меҳр-оқибат кўрсатилди.
