Жиззахда меҳнат муҳофазасига оид давра суҳбати: «Соғлом психологик-ижтимоий муҳитни таъминлайлик»



Жиззах шаҳрида 28 апрель – «Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни» муносабати билан ходимлар хавфсизлиги ва соғлом иш муҳитини яратишга қаратилган кенгайтирилган давра суҳбати юқори савияда ташкил этилди.
Жорий йилнинг 28 апрель куни Жиззах шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида таълим соҳаси ва турли тармоқларда меҳнат муҳофазасини таъминлаш масалаларига бағишланган муҳим тадбир бўлиб ўтди. «Соғлом психологик-ижтимоий муҳитни таъминлайлик» шиори остида ўтказилган мазкур давра суҳбатида иш жойларида ходимларнинг нафақат жисмоний хавфсизлигини кафолатлаш, балки улар учун қулай ва соғлом руҳий-ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда соҳанинг масъул раҳбарлари, мутахассислар ва ижтимоий ҳамкорлар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Хусусан, мулоқотда қуйидаги масъуллар иштирок этди:
- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят кенгаши меҳнат-техник инспекцияси инспектори И. Жабборов;
- Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари Жиззах вилояти кенгаши раиси А. Каримов;
- Жиззах вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори Т. Холбоев;
- Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Жиззах шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Р. Исаков;
- Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи С.Т. Комилов.
Шунингдек, учрашувда шаҳардаги ташкилот ва таълим муассасаларидан ташриф буюрган иш берувчилар, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, касаба уюшмаси қўмиталари раислари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ва бошқа ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакиллари фаол қатнашдилар.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган давра суҳбати давомида меҳнат жамоаларида хавфсизлик техникасига риоя қилиш, ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ҳамда соғлом психологик муҳитни яратиш юзасидан ўзаро тажриба алмашилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
