Андижонда меҳнат муҳофазаси ҳафталиги: «Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик»






Андижон вилоятида 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан таълим муассасаларида ходимлар учун хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратишга қаратилган туркум тадбирлар ҳафталиги бўлиб ўтди.
Мазкур ҳафталик Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирлар доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида «Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик» мавзусида кенйтирилган давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар ва интеллектуал беллашувлар амалга оширилди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан жорий йилнинг 28 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида йирик давра суҳбати ва «Зукколар» интеллектуал беллашуви ўтказилди. Ушбу тадбирда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасаларининг бошланғич ташкилот раислари ва меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларидан иборат жами 78 нафар педагог-ходим иштирок этди.
Тадбирга фахрий меҳмон ва эксперт сифатида қуйидаги масъуллар таклиф этилди:
- Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Зафарбек Абдуллаев;
- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилоят кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бўлим мудири Дилшодбек Қаюмов;
- Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар бўлинмаси раиси Насибахон Тўрақулова.
Иштирокчилар дастлаб 10-мактабда касаба уюшмаси қўмитаси ва меҳнат муҳофазаси йўналишида ташкил этилган махсус хоналар фаолияти, у ерда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг ўтказилган «Зукколар» беллашувида 12 нафар бошланғич ташкилот раиси ва меҳнат муҳофазаси вакиллари ўзларининг ҳуқуқий ва соҳавий билимларини синовдан ўтказдилар. Якунда ушбу 12 нафар фаол иштирокчи шаҳар бўлинмасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳафталик доирасидаги муҳим учрашувлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўтаринки руҳда ўтди:
- Бўстон туманида: 30 апрель куни 48-Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ИДУМ) базасида тумандаги бошланғич ташкилотлар раислари ва меҳнат муҳофазаси вакиллари иштирокида тадбир ташкил қилинди.
- Жалақудуқ туманида: 28 апрель куни 6-умумий ўрта таълим мактабида масъуллар иштирокида кенгайтирилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
- Худди шундай тадбир ва учрашувлар Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа тумани ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Барча ҳудудларда ўтказилган давра суҳбатлари давомида соҳанинг энг долзарб масалалари, жумладан:
- Иш жойларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш;
- Хавфсизлик қоидаларига эътиборни кучайтириш ҳамда ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш;
- Меҳнат шароитларини яхшилаш орқали иш унумдорлигини ошириш;
- Меҳнат муҳофазасини таъминлашда иш берувчи ва ходимларнинг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш;
- Ходимлар ҳаётини суғурта қилиш ва соғлом психологик муҳитни шакллантириш бўйича тегишли назорат ишларини олиб бориш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
Бу каби тизимли тадбирлар таълим соҳаси ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ва меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
