«Хотира мангу»: Пахтачи туманида таълим ходимлари ўртасида мини-футбол мусобақаси ўтказилди

Пахтачи туманида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан таълим ва фан соҳаси фидойилари иштирокида спорт байрами ташкил этилди.

Бугун Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Пахтачи туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан тумандаги 20-умумий ўрта таълим мактаби спорт майдонида мини-футбол бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Улуғ айём арафасида «Хотира мангу» шиори остида ўтказилган мазкур беллашувда таълим тизимида фаолият юритаётган ишчи-ходимлар ва педагоглардан иборат жамоалар ўзаро куч синашдилар.

Ходимларнинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлаш, спортга бўлган қизиқишини ошириш ва жамоалар ўртасидаги дўстона ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақа қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, эпчиллик ва юқори жамоавий ўйин намойиш этган тумандаги 34-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси мутлақ ғолибга айланди.

Тадбир якунида ғолибликни қўлга киритган жамоа аъзолари ташкилотчилар томонидан махсус эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирландилар. Бундай тадбирлар устозларнинг нафақат саломатлигини мустаҳкамлашга, балки уларда кўтаринки байрамона кайфият уйғотишга ҳам хизмат қилади.

Добавить комментарий