Бухорода меҳнат муҳофазасига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди

Бухоро шаҳрида 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ходимларнинг хавфсизлиги ва соғлом меҳнат шароитларини яратишга қаратилган махсус ўқув-семинар ташкил этилди.

Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан навбатдаги тадбир юқори савияда ўтказилди. Мазкур ўқув-семинар бу йилги глобал мавзуга ҳамоҳанг тарзда, «Соғлом психологик-ижтимоий меҳнат муҳитини таъминлайлик» шиори остида бўлиб ўтди.

Семинарда таълим муассасалари ва ташкилотларда ходимлар учун нафақат жисмоний, балки руҳий-ижтимоий жиҳатдан ҳам қулай ҳамда хавфсиз иш муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида малакали мутахассислар томонидан иштирокчиларга муҳим йўналишлар бўйича батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси хизматини тўғри ташкил қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳамда меҳнат муҳофазасига оид меъёрий ҳужжатларни юритиш тартиб-қоидалари атрофлича тушунтирилди.

Очиқ мулоқот ва баҳс-мунозара руҳида ўтган семинар якунида иштирокчилар ўзларининг фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар ва қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан аниқ, ҳуқуқий асосланган жавоблар олдилар. Бу каби ўқув тадбирлари жойларда масъулларнинг билим ва малакасини оширишда ҳамда меҳнат қонунчилиги ижросини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Добавить комментарий