Бўкалик таълим фидойилари учун Тошкент шаҳри бўйлаб маънавий-маърифий саёҳатлар ташкил этилди

Мамлакатимизда педагог ходимларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва тарихий меросимиз билан яқиндан таништириш мақсадида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бўка туман кенгаши томонидан пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилмоқда.

Хусусан, юртимизда кенг кўламда ўтказилаётган «Амир Темур ойлиги» доирасида тумандаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган 55 нафар ишчи-ходим учун Тошкент шаҳрига махсус саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида устозлар пойтахтимиз марказидаги Амир Темур хиёбонида бўлиб, Соҳибқирон бобомизнинг муаззам ҳайкалини зиёрат қилдилар. Шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейига қилинган ташриф педагогларда буюк аждодларимизнинг шонли тарихи, давлатчилик асослари ва бой маданий мероси ҳақида унутилмас ва ёрқин таассуротлар қолдирди.

Саёҳатлар кўлами бу билан чекланиб қолмади. Жорий йилнинг апрель ойида Бўка туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг 21 нафар ўқитувчи ва ходимлари учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига яна бир маърифий сафар уюштирилди. Ушбу улуғвор ва бетакрор мажмуа билан танишув устозларнинг маънавий дунёқарашини янада бойитди.

Эътиборли жиҳати шундаки, саёҳатдан катта маънавий озиқ олган педагоглар у ерда кўрган-кечирганлари ва олган ёрқин таассуротларини фақатгина ўзларида қолдирмай, кундалик дарс жараёнларида ўқувчиларга ҳам сўзлаб бермоқдалар. Бу эса, ўз навбатида, ёш авлод қалбида тарихимизга бўлган қизиқишни оширишга ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бу каби маънавий-маърифий саёҳатлар таълим ходимларининг нафақат маданий ҳордиқ чиқаришига, балки уларнинг янги куч, шижоат ва илҳом билан меҳнат қилишига мустаҳкам замин яратмоқда.

Добавить комментарий