Фахрийлар доимо эътиборда: Сурхондарёда устозлар хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эъзозланди

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан юртимиз тинчлиги ва тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилган, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш ҳамда бугунги кунда ҳаёт бўлган фахрийларнинг қадрига етиш мақсадида кўтаринки руҳдаги маънавий-маърифий тадбирлар ва учрашувлар ўтказилмоқда.Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ҳам эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кенгаш тасарруфидаги таълим соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган меҳнат фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган устозларнинг хонадонларига ташрифлар уюштирилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Касаба уюшмаси фаоллари уларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва ободонлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.Жорий йилнинг 8 май куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши фаоллар залида таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозлар иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.Тадбирни Республика кенгашининг Сурхондарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Бахтиёр Нурбаевич Холияров олиб борди. Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Абдукарим Абдурахмонович Аҳмедов ва Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Маҳмуд Ҳамитович Бобояров сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қизғин табрикладилар. Мутасаддилар Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим тизимидаги янгиланишлар ва фахрийларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.Учрашув давомида Термиз давлат университети фахрий устози Холмат Хуррамович Закиров ҳамда Термиз шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири лавозимида ишлаган фахрий устоз Абдурахмон Қулназарович Хурсандовлар сўзга чиқди. Улар ўз нутқларида бугунги тинч-осойишта, тўкин-сочин, озод ва обод юртда яшаётганимизга шукроналар келтириб, бу ёруғ кунларга етиб келгунча ота-боболаримиз қанчадан-қанча машаққатларни босиб ўтганлигини ёдга олдилар. Таъкидланганидек, юрт тараққиётига ўзининг ҳалол меҳнати билан муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонлар хотирасини улуғлаш ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим асосидир.Ушбу маънавий-маърифий тадбирдан кўзланган асосий мақсад – фахрий устозларни эъзозлаш ва уларга юксак ҳурмат кўрсатишдан иборат бўлди. Учрашув якунида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан барча фахрий устозларга байрам муносабати билан қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
