Бухорода «Соғлом танда – сифатли таълим» спорт мусобақаларининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди

Бухоро вилоятида таълим соҳаси ходимлари ўртасида «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида Касаба уюшмаси кубоги учун оммавий спорт мусобақаларининг вилоят босқичи юқори савияда, кучли рақобат ва ҳақиқий жамоавий ҳамжиҳатлик руҳида бўлиб ўтди.

Спорт байрамини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов кириш сўзи билан очиб бериб, барча иштирокчиларга омад ва ғалаба ёр бўлишини тилади.

Шундан сўнг спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича беллашувлар старт олди. Қизғин ва муросасиз тарзда кечган баҳсларда ҳар бир жамоа ғалаба сари интилиб, ўзининг юқори жисмоний тайёргарлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва ўзига хос спорт маҳоратини намоён қилди. Жозибали ўйинлар ва муросасиз рақобат спортсевар мухлисларга кўтаринки кайфият улашиш билан бирга, иштирокчилар ўртасида дўстлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлади.

Мусобақанинг вилоят босқичида барча йўналишлар бўйича энг юқори кўрсаткичларни жамлаган Олот тумани жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритди ва Касаба уюшмалари кубоги ҳамда 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти соҳибига айланди.

Шунингдек, мусобақа давомида фаол ва муносиб иштирок этган Ғиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳри жамоалари ҳам фахрли ўринларни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Добавить комментарий