Наманганлик таълим фидойилари учун Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди



Мамлакатимизда ички туризмни кенг ривожлантириш ва таълим соҳаси ходимларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳрида фаолият юритаётган бир гуруҳ педагоглар учун юртимизнинг тарихий марказларига унутилмас саёҳат уюштирилди.
Мазкур маънавий-маърифий саёҳат Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси ҳамда Наманган шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда шаҳардаги таълим муассасаларида фидокорона меҳнат қилаётган 51 нафар устоз ва мураббийлар ҳамда соҳа ходимлари иштирок этишди.
Саёҳатнинг дастлабки манзили кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳри бўлди. Иштирокчилар бу ерда ислом оламининг буюк мутафаккири – Имом Бухорий мажмуаси ҳамда бошқа кўплаб тарихий зиёратгоҳларда бўлдилар. Асрлар синовидан ўтган бетакрор меъморий обидалар ва муқаддас қадамжолар меҳмонларга аждодларимизнинг буюк мутолаа ва бунёдкорлик салоҳияти ҳақида сўзлаб, уларда ёрқин таассуротлар қолдирди.
Шундан сўнг, таълим фидойилари азим пойтахтимиз – Тошкент шаҳрига йўл олдилар. Бу ерда устозлар халқимизнинг қарийб 3000 йиллик тарихини ўз ичига олган, миллат тарихи ва илм-фан ривожини бор бўйи билан намоён эта оладиган улуғвор мажмуа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Марказ билан яқиндан танишув педагогларнинг маънавий дунёқарашини янада бойитиб, қалбларида миллий ифтихор туйғуларини юксалтирди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби саёҳатлар таълим соҳаси ходимларини ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг кундалик масъулиятли меҳнатидан сўнг руҳий тетикланишини таъминлаш билан бирга, дарсларда ўқувчи ёшларга тарихимизни янада чуқурроқ ва ҳаётий мисоллар ёрдамида ўргатишлари учун муҳим илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
