«Борингизга шукр, азиз устозлар!»: Наманганда нуроний педагоглар ва меҳнат фахрийлари юксак эҳтиром билан эъзозланди

Халқимизда устоз ва мураббийларга, кўп йиллар жамият тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш энг олий ва эзгу қадриятлардан бири саналиб келади.

Шу кунларда Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тасдиқланган «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, 2026 йил — «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» доирасида пенсия ёшидаги ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва кекса авлод вакилларининг машаққатли меҳнатини улуғлаш мақсадида «Борингизга шукр, азиз устозлар!» шиори остида кўтаринки руҳдаги маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан уюштирилган мазкур тантанали кечада фахрий меҳмонлар, таълим ва мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган фидойи ходимлар, касаба уюшмаси фаоллари, устоз-мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Акмалхон Умаров кириш сўзи билан очиб берди.

Шундан сўнг, минбарга таклиф этилган меҳмонлар — «Нуроний» жамғармасининг Наманган вилояти кенгаши раиси, сенатор Икромхон Ҳошимхонович Нажмиддинов ҳамда жамғарманинг Наманган шаҳар бўлими раиси Анваржон Абдилхаевич Насриддиновлар йиғилганларни самимий қутладилар. Нурли сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлаб, устоз ва мураббийларнинг ёш авлодга таълим-тарбия беришдек ўта масъулиятли ва шарафли вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Маданий-маърифий тадбирнинг бадиий қисми иштирокчиларга янада байрамона кайфият улашди. Хусусан, устоз ва мураббий, касаба уюшмаси фаоли Гулбаҳор Рахматуллаева томонидан ижро этилган дилтортар куй-қўшиқлар барчага манзур бўлиб, гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва қувончли лаҳзаларида таълим тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган 200 нафар пенсия ёшидаги ходимларга, кекса меҳнат фахрийларига касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Юксак эътибор ва эъзоздан кўнгли тоғдек ўсган бир қатор меҳнат фахрийлари ва касаба уюшмаси фаоллари тадбир сўнгида сўзга чиқиб, кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик ва ҳурмат учун ташкилотчиларга ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Добавить комментарий