«Болалар меҳнатига қизил карточка»: Хоразмда Халқаро болалар меҳнатига қарши кураш куни кенг нишонланди



Жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар йили 12 июнь санаси Халқаро болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. 2002 йилдан буён анъанага айланган ушбу сана болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиш, мазмунли дам олиш ва эркин камол топишини таъминлашга қаратилган эзгу ҳаракатларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Ушбу муҳим сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши ташаббуси билан Хонқа туманидаги сўлим «Жайхун қуёши» болалар соғломлаштириш оромгоҳида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда касаба уюшмаси фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, таниқли маданият ва санъат намояндалари, спортчилар, оромгоҳ жамоаси ҳамда бу ерда мароқли ҳордиқ чиқараётган болажонлар иштирок этдилар.
Тадбир Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан илгари сурилаётган «Болалар меҳнатига қизил карточка: болалар учун адолатли ўйин, катталар учун муносиб меҳнат!» шиори остида ташкил этилди. Ушбу лойиҳа жорий йилда ХМТнинг «Пахта етказиб бериш занжиридаги меҳнат соҳасидаги фундаментал тамойиллар ва ҳуқуқлар: RISE for Impact — янги босқич, янги қарашлар» лойиҳаси доирасида ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раисининг ўринбосари Камолжон Бекчанов ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимовалар очиб берди. Сўзга чиққанлар болалар меҳнатига қарши курашишнинг бугунги кундаги аҳамияти, юртимизда ёш авлод учун яратилаётган чексиз имкониятлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай меҳнат эксплуатациясидан асраш ва муносиб меҳнат тамойилларини қарор топтириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. ХМТнинг «Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 182-конвенцияси ратификация қилинди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди ва бу ютуқ халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, 2018 йилда АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарган бўлса, 2022 йилда «Cotton Campaign» халқаро коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганлигини тан олиб, ўзбек пахтасига қўйилган узоқ йиллик бойкотни бекор қилди.
Тадбир доирасидаги қизиқарли лойиҳалар
Байрам дастури болажонлар учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида расм чизиш танлови, шахмат, шашка ва стол тенниси каби спорт турлари бўйича муросасиз мусобақалар ўтказилди. Шунингдек, қизиқарли интерактив дастурлар, маданий-маърифий чиқишлар ҳамда таниқли спортчилар ва санъаткорлар билан ташкил этилган жонли мулоқотлар болаларда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари, иштирокчилар учун болалар ҳуқуқлари, таълим имкониятлари ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи махсус тушунтириш ишлари олиб борилди.
Байрам якунида спорт мусобақалари ва танловлар ғолибларига, қолаверса, оромгоҳда дам олаётган барча болажонларга касаба уюшмаларининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари томонидан болалар ҳуқуқлари ва муносиб меҳнат тамойилларига бағишланган бу каби маърифий тадбирлар бутун республика бўйлаб касаба уюшмалари тасарруфидаги барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида юқори савияда ўтказилмоқда.
