“Касаба уюшма кубоги” сўхлик устозларга насиб этди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан меҳнат жамоалари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ходимларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида кўплаб спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.

Бу эса ходимларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш билан бирга, ўз маҳоратини намоён этиш учун ҳам ажойиб имконият бўлмоқда.

Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан “Соғлом танда — сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмалари кубоги” спорт мусобақаси юқори савия ва кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган 200 нафардан ортиқ таълим ходимлари қатнашди.

Улар спортнинг волейбол, мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ўзаро куч синашдилар.

Беллашувлар давомида иштирокчилар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки ирода ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасида ҳам ўзларини намоён этдилар. Айниқса, Сўх тумани жамоаси мусобақа давомида юқори маҳорат, пухта тайёргарлик ва аҳиллик намунасини кўрсатиб, жамоавий ҳамда яккалик баҳсларида устунликка эришди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, сўхлик устозлар мусобақанинг мутлоқ ғолиби сифатида “Касаба уюшма кубоги”ни қўлга киритди.

— Аввало, шундай нуфузли спорт мусобақасини юқори савияда ташкил этган вилоят касаба уюшмаларидан миннатдормиз, — дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сўх туман бўлинмаси кенгаши раиси Муҳаммаджон Суюнбоев. — Мусобақа жуда қизғин ва муросасиз кечди. Вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган таълим ходимлари билан беллашиш биз учун ҳам катта тажриба бўлди. Энг муҳими, бу каби тадбирлар устозларни бир мақсад атрофида бирлаштиради.

Ғолиб жамоа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашининг махсус кубоги, 30 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоиз, бундай спорт тадбирлари таълим ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва жамоалар ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Добавить комментарий