«Янги Ўзбекистон ёшлар нигоҳида»: Шаҳрисабзда иқтидорли талабалар учун китобхонлик тадбири ўтказилди

Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини юксалтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Анъанага мувофиқ, ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказиладиган «Ёшлар куни» доирасида Шаҳрисабз давлат педагогика институтида айнан шу мақсадларга қаратилган кўтаринки руҳдаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 11 июнь куни «Янги Ўзбекистон ёшлар нигоҳида» шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳамда билимга чанқоқ, иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади – талабалар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантириш ва китобга бўлган меҳрни янада оширишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида сўзга чиққанлар томонидан ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мулоқот давомида китоб – инсоннинг энг яқин дўсти, битмас-туганмас билим ва тафаккур манбаи эканлиги эътироф этилди. Мунтазам китоб мутолааси инсоннинг дунёқарашини кенгайтириб, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириши ва энг асосийси, шахсни маънавий камолотга етаклаши тўғрисида ёшларга чуқур ва ҳаётий тушунчалар берилди.

Тадбир якунида китобсевар ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмга бўлган интилишларини муносиб рағбатлантириш мақсадида эзгу иш амалга оширилди. Шаҳрисабз давлат педагогика институти касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши ҳамкорлигида энг фаол ва иқтидорли талабаларга бадиий ва илмий адабиётлардан иборат махсус китоблар тўплами тантанали равишда топширилди.

Бу каби маърифий тадбирлар ёш авлод қалбида илм-фанга, китобга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлашга ва уларни Янги Ўзбекистоннинг муносиб, баркамол фарзандлари этиб тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.

Добавить комментарий