Замонавий касаба уюшмалари ҳамкорлиги: Қирғизистондаги Халқаро форум қизғин давом этмоқда



Шу кунларда Қирғиз Республикасида Туркий тилли давлатлар таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаларининг Халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур нуфузли тадбир 10–14 июнь кунларига мўлжалланган бўлиб, айни вақтда ўзининг қизғин палласига кирган.
Қирғиз Республикаси таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форум «Замонавий касаба уюшмалари ҳамкорлигининг роли: туркий тилли давлатларда таълим ва фан соҳасида барқарор ривожланиш» мавзусига бағишланган. Форум ишида мезбонлардан ташқари Озарбайжон, Қозоғистон, Косово, Македония, Руминия, Туркманистон ва Туркия давлатларидан келган турдош касаба уюшмалари вакиллари иштирок этмоқда.
Ушбу йирик халқаро анжуманда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши делегацияси ҳам муносиб ва фаол қатнашмоқда. Вакилларимиз сафидан Республика кенгаши раисининг ўринбосари Маҳмуд Бобоёров, Ташкилий ишлар бўйича бош мутахассис Мирзакарим Худдиев ҳамда Маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассис Иззатилло Ходжаевлар жой олган.
Форум доирасидаги тадбирлар дастлаб Бишкек шаҳрида очилган бўлиб, айни пайтда иштирокчилар Иссиқ-Кўл вилоятининг Бостери қишлоғида жойлашган «Байтур-Резорт» дам олиш марказида ўз ишини давом эттирмоқда.
Мазкур халқаро форум туркий тилли давлатлар касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор тажрибалар алмашиш ҳамда таълим ва фан соҳаси ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ўзаро касбий алоқаларни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшмоқда.
