Намангандаги мактаб оромгоҳларида болажонлар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди






Ёзги таътил даврида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишини таъминлаш доимий эътибордаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши вакиллари томонидан шаҳардаги бир қатор умумтаълим мактабларида ташкил этилган кундузги ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти ўрганилди.
Хусусан, касаба уюшмаси масъуллари Наманган шаҳридаги 18, 21, 40 ва 74-сонли умумтаълим мактабларида жойлашган оромгоҳларда бўлиб, у ерда болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида ўғил-қизлар билан самимий суҳбатлар қурилиб, уларнинг оромгоҳдаги таассуротлари ва қизиқишлари тингланди.
Болаларнинг ёзги ҳордиғини янада мароқли, файзли ва унутилмас қилиш мақсадида оромгоҳларда бир қатор маданий-маърифий ишлар уюштирилди:
- Ўғил-қизларнинг жисмоний чиниқиши ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилувчи қизиқарли спорт мусобақалари ўтказилди;
- Ёшларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида турли хил кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди;
- Байрамона тадбирларнинг энг қувончли қисмида касаба уюшмаси томонидан барча болажонларга ширинликлар тақдим этилди.
Касаба уюшмалари томонидан кўрсатилаётган бу каби доимий эътибор ва ғамхўрлик болажонларнинг ёзги таътил кунларини чинакам қувонч билан, хавфсиз ва фойдали ўтказишларига муносиб хизмат қилади.
