Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди

2026 йил 19 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги марказий аппарат ходимлари бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда вазирлик аппарати касаба уюшмаси аъзоларининг 85 фоизи иштирок этди.
Умумий йиғилиш ишида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, Республика кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Мирзакарим Худдиев ҳамда Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгаши раиси Абдухалил Рахмоновлар бевосита иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Жамил Яратов ҳам қатнашди.
Мажлисни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси А.Рахмонов олиб борди. Тадбир давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Каримова ҳамда касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.Бедиловлар сўзга чиқиб, касаба уюшмасининг ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва келгусидаги муҳим вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Йиғилиш кун тартибидан асосан ташкилий масалалар ўрин олди. Жумладан, вазирлик аппарати касаба уюшма қўмитасининг собиқ раиси Акбарали Холмухаммедов ва айрим аъзолари бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан вазифасидан озод қилинди.
Шундан сўнг, очиқ овоз бериш йўли билан касаба уюшма қўмитасининг 11 кишидан иборат янги таркиби сайланди.
Вазирликнинг Болаларни қўшимча таълимга жалб этиш бўлими бошлиғи Аминов Бахромжон Эркинович бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг янги раиси этиб сайланди.
Тадбир сўнгида масъул лавозимларга сайланган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда тафтиш комиссиясининг янги таркиби қутланиб, уларнинг келгуси ишларида муваффақиятлар тиланди.
