“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”: Наманган шаҳрида мустақилликнинг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги ҳамда 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” муносабати билан Наманган шаҳридаги меҳнат жамоаларида байрам шукуҳи кезмоқда. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан бу борада кенг кўламли ташкилий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Байрам дастури доирасида тизимдаги муассасаларда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида маданий-маърифий кечалар ва “Маърифат соатлари” ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда асосий эътибор қуйидаги долзарб мавзуларга қаратилмоқда:
- Мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз — халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти;
- Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити;
- Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотлар ва уларнинг аҳамияти.
Касаба уюшмаси томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида тизимдаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган кўп болали, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган ходимларнинг фарзандларига байрам туҳфалари улашилди. Хусусан, ўқув йили олдидан 300 нафар ўқувчига мактаб сумкалари ҳамда 10 хил турдаги ўқув қуроллари тарқатилди.
Байрам арафасида таълим фидойиларининг саломатлигини тиклаш мақсадида касаба уюшмаси томонидан бепул сиҳатгоҳ йўлланмалари топширилди. Жумладан:
- Наманган шаҳар 76-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, байналминалчи жангчи А. Абдурахмановга — “Чимён” санаторийси;
- 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби техник ходими М. Абдуллаевага — “Умид гулшани” санаторийси;
- 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси М. Ходжимирзаевага — “Умид гулшани” санаторийси учун йўлланмалар ажратилди.
Байрам тадбирлари давом этмоқда. Олдинда таълим соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган фахрийлардан манзилли хабар олиш, ишловчи педагог ходимларни юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга юбориш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи турли спорт мусобақаларини ўтказиш каби эзгу ишлар режалаштирилган.
Бу каби тадбирлар халқимиз орасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаб, чинакам байрам кайфиятини улашишга хизмат қилмоқда.
