Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига ўқув қуроллари топширилди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Боғот, Хонқа, Қўшкўпир ҳамда Ҳазорасп туман бўлинмалари кенгашлари томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор эзгу ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида таълим муассасаларида фаолият юритаётган соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга мактаб папкалари ҳамда турли ўқув қуроллари топширилди.

Боғот туманида 15 август куни ўтказилган тадбирда 51 нафар соҳа ходимларининг фарзандларига ўқув қуроллари топширилди. Тадбирда туман бўлинмаси кенгаши раиси Ш. Юсупова сўзга чиқиб, иштирокчиларни янги ўқув йили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

Хонқа туманида ҳам мазкур эзгу ташаббус кенг кўламда амалга оширилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 25-мақсади доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, режа асосида 180 нафар болажонга 13 турдаги ўқув қуроллари тантанали равишда топширилди.

Тадбир Хонқа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг фаоллар залида ташкил этилди. Унда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши раиси Ю. Юсупов, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг ўқув ишлари бўйича шўба бўлими раҳбари М. Бекчанов ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди. Ўқув қуроллари фарзандларга тантанали тарзда топширилди.

Ҳазорасп туманида эса 18 август куни таълим муассасаларида фаолият юритаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун мактаб папкалари ва ўқув қуроллари тарқатилди. Тадбирда туман бўлинмаси кенгаши раиси А. Йўлдошев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги ўқув йили ҳамда Мустақиллик байрамининг 35 йиллиги билан табриклади. Тадбир якунида 80 нафар соҳа ходимларининг фарзандларига ўқув қуроллари топширилди.

Мазкур тадбирлар нафақат ўқувчиларни янги ўқув йилига зарур жиҳозлар билан таъминлаш, балки уларнинг таълим олишга бўлган қизиқишини янада ошириш, соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, бундай хайрли ташаббуслар касаба уюшмасининг инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва таълим соҳаси ходимлари оилаларига амалий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолиятининг яна бир ёрқин намунасидир.

Добавить комментарий