Шаҳрисабз давлат педагогика институтида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди

11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан республикамизнинг барча таълим ва илм-фан муассасаларида ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Ана шундай маърифий лойиҳалардан бири Шаҳрисабз давлат педагогика институтида амалга оширилди. Институт касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан профессор-ўқитувчилар ҳамда ишчи-ходимлар ўртасида қизиқарли «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Мазкур беллашув жамоа аъзоларининг билим ва тафаккур салоҳиятини синовдан ўтказиш, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, шунингдек, меҳнат жамоасида дўстона муҳит ва ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва муросасиз интеллектуал курашлар остида кечган ўйин якунида энг зукко ва билимдон жамоалар аниқланди:

  • 1-ўрин: Регистратор офиси жамоаси;
  • 2-ўрин: Ижтимоий фанлар факультети жамоаси;
  • 3-ўрин: Аниқ фанлар олий педагогика мактаби жамоаси.

Беллашув якунида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар институт касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирландилар.

Бу каби интеллектуал тадбирлар таълим фидойиларини касб байрами билан муносиб қутлаш баробарида, уларнинг касбий ва ижодий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Добавить комментарий