Ўзбекистон ва Молдова таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари ҳамкорлиги янги босқичда





11 ноябрь — «Касаба уюшмалари куни» муносабати билан Молдова касаба уюшмалари миллий Конфедерацияси делегацияси юртимизга расмий ташриф билан келди.
Ташриф дастури доирасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Абдухалил Расулович Рахмонов Молдова таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари Федерацияси раиси Геннадий Доносни қабул қилди. Самимий ва конструктив руҳда ўтган мазкур мулоқотда Республика кенгашининг масъул ходимлари ҳам иштирок этдилар.
Учрашув давомида томонлар икки мамлакат таълим тизими ходимларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида атрофлича тажриба алмашдилар. Хусусан, қуйидаги устувор йўналишлар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилди:
- Ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг меҳнат ҳамда дам олиш шароитларини янада яхшилаш;
- Ижтимоий шериклик механизмларини ривожлантириш ва касаба уюшма аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Молдова касаба уюшмалари миллий Конфедерацияси ўртасида жорий йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми ижросини тўлиқ таъминлаш;
- Тармоқлар даражасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда мунтазам равишда қўшма тадбирлар ташкил этиш.
Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон ва Молдова таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари ўртасидаги дўстона муносабатлар ва амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, бу борадаги ташаббусларни изчил давом эттириш юзасидан якдил келишиб олдилар.
