Халқаро ҳамкорлик ривожида янги босқич: Молдова касаба уюшмалари вакили ТДИУда бўлди





2026 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами тадбирлари доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А. Раҳмонов ҳамда Молдова Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари федерацияси раиси Геннадий Донос ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонларга университет касаба уюшма қўмитаси фаолияти, иш берувчи — университет ректорати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ижтимоий шериклик муносабатларининг амалдаги ҳолати ва келгусидаги режалар атрофлича таништирилди. Шунингдек, олийгоҳда профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талабалар учун яратилган шароитлар, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда рағбатлантириш тизимлари, илмий йўналишларда яратилган имкониятлар, талабалар касаба уюшмаси фаолияти ва аъзолик афзалликлари хусусида аниқ маълумотлар берилди.
Учрашувда томонлар мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳозирги кунда давлат сиёсатининг таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўналишидаги бош мақсади эканлигини алоҳида эътироф этдилар.
Мулоқот якунида келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Ташриф доирасида хорижий меҳмонга учун университет тарихи музейига саёҳат ташкил этилди.
