«Ҳар бир бола меҳр-ардоғида»: 200 нафар болажонга мактаб сумкалари ва ўқув қуроллари топширилди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги 2026–2027 ўқув йили арафасида таълим муассасаларида фаолият юритаётган касаба уюшмаси аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли тадбир ташкил этилди.

2026 йил 19 август куни тумандаги 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг фаоллар залида «Ҳар бир бола меҳр-ардоғида» шиори остида тадбир ўтказилди. Унда таълим муассасаларида меҳнат қилаётган фаол касаба уюшмаси аъзоларининг 200 нафар фарзанди иштирок этди.

Тадбирда туман кенгаши раиси О. Мавлонов, туман ҳокими ўринбосари Ш. Позилов, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Д. Аюпова, таълим муассасалари вакиллари ҳамда болажонлар қатнашди.

Тадбирни туман ҳокими ўринбосари Ш. Позилов очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йили билан самимий табриклади. Болажонларга келгусидаги ўқишларида улкан муваффақиятлар тилаб, уларни доимо аъло баҳоларга ўқишга чақирди.

Шундан сўнг туман кенгаши раиси О. Мавлонов иштирокида 200 нафар болажонга мактаб сумкалари ва ўқув қуроллари жамланмалари тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари ҳамда ўқувчилари томонидан болажонлар учун куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашилди.

Мазкур тадбир оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка етказиш мақсадида «Тоҳир Бағдод ТВ» томонидан тасвирга олинди.

«Ҳар бир бола меҳр-ардоғида» шиори остида ўтказилган ушбу тадбир касаба уюшмасининг ўз аъзолари ва уларнинг оила аъзоларига бўлган эътибори, ғамхўрлиги ва амалий қўллаб-қувватлашининг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Байрамона ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир болажонларга унутилмас таассуротлар улашди.

Добавить комментарий