Хива туманида 128 нафар болажонга мактаб сумкаси ва ўқув қуроллари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Хива туманида ҳам хайрли тадбир ўтказилди.

Давлат дастурининг 25-мақсади — оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган вазифалар доирасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Хива туманида таълим муассасаларида фаолият юритаётган 128 нафар ходимнинг фарзандларига янги ўқув йили олдидан мактаб сумкалари ҳамда 15 турдаги ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.

Тадбир 19 август куни Хива тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг фаоллар залида тантанали тарзда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хива туман бўлинмаси кенгаши раиси Р. Атажанов ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосари К. Тажиев иштирок этдилар.

Тадбир давомида болажонларга мактаб сумкалари ва ўқув қуроллари жамланмалари тантанали равишда топширилди.

Мазкур хайрли ташаббус янги ўқув йили арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олишлари учун зарур шароит яратиш ва оилаларга амалий кўмак кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бундай эзгу ишлар касаба уюшмасининг инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятининг амалий ифодасидир.

Добавить комментарий