БУХОРО ВИЛОЯТИДА ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИ МАВСУМИДА МИЛЛИЙ МОНИТОРИНГ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА!

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида Миллий мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.
Мониторинг жараёнларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий кенгашлари вакиллари иштирок этмоқда.
Жумладан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош мутахассиси Давронбек Самарбеков ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши меҳнат техник инспектори Ҳайитбек Барноев томонидан вилоятдаги фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерларида мониторинг ўрганишлари олиб борилмоқда.
Мониторинг давомида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда:
Пахта теримига вояга етмаган шахсларни жалб этмаслик;
Бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимлари, ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш;
Теримчиларнинг пахта йиғим-теримида ихтиёрий иштирок этишини таъминлаш;
Теримчилар билан меҳнат муносабатларини қонунчилик талаблари асосида расмийлаштириш;
Терилган пахта учун белгиланган тартибда муносиб ва ўз вақтида иш ҳақи тўланишини ўрганиш;
Теримчилар учун хавфсиз меҳнат, овқатланиш, ичимлик суви, дам олиш ва зарур маиший шароитлар яратилганлигини баҳолаш;
Меҳнат қонунчилиги ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя этилишини назорат қилиш.
Мониторинг гуруҳлари томонидан теримчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, махсус саволномалар асосида меҳнат шароитлари ва мавжуд ҳолатлар ўрганилмоқда. Шунингдек, фермер хўжаликлари ва кластерлар масъулларига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Дастлабки мониторинг натижаларига кўра, Бухоро вилоятида ўрганилган фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерларида вояга етмаган шахсларни пахта теримига жалб қилиш ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмади.
МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИНГИЗ БУЗИЛСА, МУРОЖААТ ҚИЛИНГ!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 10-92 қисқа рақамли ишонч телефони орқали меҳнат ҳуқуқлари бузилиши, мажбурий меҳнатга жалб этиш ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан мурожаат қилиш мумкин.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл йўқ!
Муносиб меҳнат — инсон қадри ва фаровон ҳаёт кафолати!
