Фанлар академияси ходимлари учун Нукус – Хива йўналиши бўйлаб мароқли сайёҳлик ташрифи ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида фаолият юритаётган олимлар ва ходимларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, уларнинг тарихий-маданий меросимиз билан яқиндан танишишлари учун замин яратиш касаба уюшмаларининг доимий эътиборидадир.

Алоҳида ташаббус доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси, Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида Нукус – Хива – Нукус йўналиши бўйича маданий-маърифий ва сайёҳлик сафари уюштирилди.

Мазкур тадбирда соҳанинг 50 нафар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар. Эрталаб Нукус шаҳридан йўлга чиққан сайёҳлар сафар давомида Хўжайли яқинидаги қадимий ва сирли Муздахкон меъморий мажмуаси ҳамда Зардуштийлик даврига оид «Сукут минораси» — Чилпиқ (Шилпиқ-қалъа) каби ноёб тарихий обидаларни зиёрат қилдилар.

Саёҳатчилар шунингдек, Қадимий Хоразм давлатининг энг йирик ва маҳобатли қалъа харобалари саналмиш Тупроқ-қалъа ва Аёз-қалъа ёдгорликларида бўлиб, мозий нафасини ҳис этдилар.

Сафарнинг асосий манзили бўлган эртакнамо Хива шаҳрига ташриф иштирокчиларда алоҳида ҳайрат ва фахр туйғуларини уйғотди. «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудидаги Жума масжиди, Шайх Мухтор Валий мақбараси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, шунингдек, муҳташам мадраса, минора ва мақбаралар сайёҳларда ўчмас таассурот қолдирди. Ходимлар шаҳарнинг кўп йиллик бой тарихини акс эттирувчи меъморий объектлар ва замонавий мажмуаларни кўздан кечирдилар.

Касаба уюшмалари ташаббуси билан ва имтиёзли шартларда ташкил этилган ушбу саёҳат тадбири иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Фанлар академияси тизими ходимлари ва уларнинг оила аъзолари маданий ҳордиқ ва юксак маънавий озуқа бағишлаган ушбу мароқли ташриф учун ташкилотчиларга ўзларининг самимий ва чуқур миннатдорчиликларини билдирдилар.

Добавить комментарий