Наманганда «Кексалар ҳафталиги» доирасида меҳнат фахрийлари ва устозларга юксак эҳтиром кўрсатилди

Халқимизда улуғларга ҳурмат, кексаларга эҳтиром кўрсатиш энг олий қадриятлардан бири саналади. Жорий йилнинг 2–8 октябрь кунлари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан «Кексаларга ҳурмат – ёшларга ибрат» ғояси остида ўтказилган «Кексалар ҳафталиги» ушбу қадриятнинг ёрқин амалий ифодаси бўлди.

Ҳафталик доирасида нуронийларни эъзозлаш, кўмакка муҳтож кексаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида қатор жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиниб, кенг кўламли хайрия тадбирлари амалга оширилди.

Хусусан, «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан таълим ва мактабгача таълим тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар ҳолидан манзилли хабар олинди. Жумладан:

  • 40-мактаб фахрийси Д. Каймурадова;
  • 38-мактаб фахрийси Х. Мамаджанов;
  • 7-мактаб фахрийси М. Қамбарова;
  • 28-мактаб фахрийси А. Ахматова;
  • 16-мактаб фахрийси М. Содиқова;
  • 3-мактаб фахрийси Х. Патхиддинова;
  • 9-мактаб фахрийси С. Хасанова;
  • 37-мактаб фахрийси М. Машраббоева;
  • 11-ДМТТ фахрийси М. Абдурахманова;
  • 17-ДМТТ фахрийси Ё. Абдуллаеваларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, байрам билан қизғин қутланди.

Умумий ҳисобда, тармоқдаги муассасалар томонидан тизимда ишлаб нафақага чиққан 50 нафар меҳнат фахрийси ва бемор ходимларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг дуолари олинди.

Устозларни шарафлаш ва уларнинг машаққатли меҳнатини эътироф этиш мақсадида «Устозга таъзим!» шиори остида йирик маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ушбу тантанали маросимга фаолияти давомида юқори натижаларга эришган, орден ва медаллар ҳамда фахрий унвонлар билан тақдирланган 100 нафардан ортиқ меҳнат фахрийлари махсус таклиф этилди. Шунингдек, касб байрами муносабати билан ёзилган тўкин дастурхон атрофида 50 дан зиёд кекса устозлар жам бўлиб, уларга шаҳар кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Ҳафталик доирасидаги маънавий-маърифий ишлар фақатгина шаҳар маркази билан чекланиб қолмади. Тизимдаги барча умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида ёш авлодни ватанпарварлик ва кексаларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи «Уч авлод учрашувлари», «Кексалар эъзозимизда», «Касбим – менинг фахрим» каби мавзуларда давра суҳбатлари, юбилей кечалари, кўргазмалар ва тарғибот ишлари юқори савияда ташкил этилди.

Фото лавҳалар

Добавить комментарий