ЎЗБЕКИСТОН-КЫРГЫЗСТАН: ТАЪЛИМ ВА ФАН СОҲАСИДАГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ



2026 йил 25 август куни Баткен вилоятининг Қадамжой туманида Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг таълим ва фан соҳасидаги касаба уюшмалари вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашув икки мамлакат ўртасида аввал имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди.
Учрашувда Қирғизистон томонидан Қадамжой туман касаба уюшмаси қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи К. Жаникулов ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда техник инспектор А. Момошев, Ўзбекистон томонидан эса Фарғона туман таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раиси О. Раҳмонoв ҳамда икки томоннинг тегишли ходимлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида томонлар таълим ва фан соҳасидаги касаба уюшмаларининг фаолияти, эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар ҳақида фикр алмашдилар. Шунингдек, тажриба алмашиш, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишларида ўзаро мулоқотлар ўтказилди.
Шу билан бирга, томонлар келгусида ҳам тажриба алмашишни, ўзаро хизмат сафарларини ва қўшма тадбирларни тизимли равишда давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 21 август куни Чўлпон-Ота шаҳрида Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланган эди.
Мазкур учрашув — нафақат чегарага яқин ҳудудлар ўртасидаги, балки икки халқнинг дўстлиги, ҳамжиҳатлиги ва касаба уюшмалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим қадамдир.
