Илм-фан ва амалиёт уйғунлиги: Тошкентда Ўсимлик моддалари кимёси институтининг 70 йиллиги ва халқаро конференция нишонланди

Жорий йилнинг 7–10-октябрь кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида «Биологик фаол бирикмалар: кимёдан тиббиётгача» мавзусидаги XVI халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Фанлар академиясининг С.Ю. Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти ташкил этилганининг 70 йиллик қутлуғ юбилейига бағишланди. Конференция давомида тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан таниқли олимлар ва соҳа мутахассислари жам бўлган мазкур тадбирда 100 дан ортиқ хорижий олимлар ҳам фаол иштирок этдилар.

Анжуманнинг ўзига хос ва муҳим жиҳати шундаки, унда илмий мунозаралар фақатгина кимёвий моддалар ёки назарий формулалар доирасида чекланиб қолмади. Мутахассислар ва олимларнинг асосий эътибори қуйидагиларга қаратилди:

  • Табиий бирикмаларни аниқлаш ва уларнинг тузилишини ўрганиш;
  • Ушбу бирикмаларнинг тирик организмга кўрсатадиган таъсирини чуқур таҳлил қилиш;
  • Энг муҳими — илмий изланишлар натижаларини тиббиётда амалда қўллаш мумкин бўлган тайёр маҳсулот ва доривор воситаларга айлантириш масалалари.

Анжуманда сўзга чиққанлар замонавий кимё ва тиббиётнинг интеграцияси, айниқса, маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида самарали ва хавфсиз препаратлар яратиш борасидаги истиқболли режалар билан ўртоқлашдилар.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси номидан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р. Бедилов ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Абдуллаевич Аюповлар иштирок этиб, институт жамоасини 70 йиллик қутлуғ сана билан муборакбод этдилар ҳамда муассасанинг мамлакатимиз илм-фани ривожидаги беқиёс ўрнини таъкидлаб ўтдилар.

Институтнинг кўп йиллик самарали фаолият олиб бораётган, муносиб илмий натижаларга эришиб келаётган ҳамда ушбу халқаро конференцияни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда алоҳида ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ ходимлари муносиб тақдирланди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ажратилган эсдалик совғалари Р. Бедилов ва Ш. Аюпов томонидан биргаликда ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Ўсимлик моддалари кимёси институтининг 70 йиллик йўли ва ўтказилган XVI халқаро конференция мамлакатимизда фундаментал илм-фанини ривожлантириш ҳамда унинг натижаларини халқ хўжалиги ва тиббиётга татбиқ этиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Илм-фан ходимларининг машаққатли меҳнати эътироф этилиши эса уларни янги илмий кашфиётлар сари руҳлантириши шубҳасиз.

Добавить комментарий