“Бизни меҳр бирлаштиради”: Наманганда эътиборга муҳтож ходимлар ва ўқувчиларга ғамхўрлик кўрсатилди

Инсон қадрини улуғлаш, кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш ва уларга меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу фазилатлардандир.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан ана шундай хайрли мақсадларни ўзида мужассам этган кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. “Бизни меҳр бирлаштиради” ҳамда “Сиз бизга кераксиз!” шиорлари остида ташкил этилган ушбу тадбирлар тизимдаги бошланғич ташкилотларда меҳнат қилаётган алоҳида эътиборга муҳтож ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – имконияти чекланган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, шунингдек, уларга кўрсатилаётган тиббий ва маиший хизматлар сифатини янада оширишдан иборат бўлди.

Тадбир доирасида таълим ва фан соҳасидаги ташкилот ва муассасаларда фидокорона меҳнат қилиб келаётган 80 нафар ногиронлиги бўлган ходимлар учун махсус учрашув ташкил қилинди. Уларга касаба уюшмаси томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар тақдим этилиб, кўнгиллари шод этилди.

Хайрли ишлар кўлами фақат шу билан чекланиб қолмади. Шу куни Наманган шаҳридаги 76 ва 100-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ҳам турли мавзуларда қизиқарли тадбирлар ўтказилди. Хусусан, инклюзив таълим олаётган 33 нафар ўқувчи ёшга байрам совғалари улашилиб, болажонларнинг юзларида қувонч пайдо бўлди.

Бундан ташқари, “Кексаларни эъзозлаш” тамойилига амал қилган ҳолда, хонадонларга ташриф буюрилиб, 10 нафар бемор ва ёши улуғ меҳнат фахрийларининг ҳолидан манзилли хабар олинди. Улар билан дилдан суҳбатлашилиб, зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки, барча тадбирларда Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ш.Турғунова шахсан иштирок этиб, устозлар ва ходимларга ўзининг самимий тилакларини билдирди. Бу каби тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий