Янгийўлда таълим муассасалари ходимларига меҳнат муҳофазаси бўйича амалий ёрдам кўрсатилди

Таълим муассасаларида ходимлар учун хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратиш, бу борадаги ишларни қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш касаба уюшмаларининг энг устувор вазифаларидан бири саналади.

Жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Д. Самарбеков томонидан Янгийўл туманидаги таълим муассасалари масъулларига яқиндан амалий кўмак берилди.

Ўрганиш ва ўқув жараёнлари давомида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Янгийўл бўлинмаси кенгаши тасарруфида фаолият юритувчи мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларида меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ҳужжатларни тўғри юритиш ва уларни белгиланган тартибда расмийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, соҳага масъул ходимларга муассасалардаги мавжуд ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сонли қарори талабларига мувофиқлаштириш ҳамда ушбу меъёрий ҳужжатларни амалиётда тўғри ва самарали қўллаш юзасидан батафсил тушунтиришлар берилиб, зарур амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий тадбирлар иш жойларида меҳнат муҳофазаси маданиятини янада оширишга, ҳужжатлар айланмасини қонунчиликка тўлиқ мослаштиришга ва турли кўнгилсиз бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга муносиб хизмат қилади.

Добавить комментарий