ТАРИХИЙ ШАҲАРЛАРГА САЁҲАТ: ЯНГИАРИҚЛИК ТАЪЛИМ ХОДИМЛАРИНИНГ ЖИЗЗАХ ВА САМАРҚАНДГА ТАШРИФИ


Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгиариқ туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 14-19 июль кунлари 20 нафар соҳа ходимлари учун Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятларига махсус саёҳат ташкил этилди. Ушбу тадбир мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилиб, иштирокчилар тарихий обидалар ва замонавий бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиб қайтдилар.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил давомида мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш ва кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини оширишга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда юртимизнинг диққатга сазовор жойларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросида касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштирокини таъминлаш алоҳида қайд этилган. Янгиариқ туманидаги таълим ва фан ходимларининг ушбу сафарлари айнан шу эзгу мақсадларнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Саёҳат давомида кенгаш тасарруфидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган 20 нафар фаол ходим дастлаб бетакрор табиатга эга бўлган Жиззах воҳасида бўлиб, унинг сўлим гўшалари ва зиёратгоҳлари билан танишдилар. Сўнгра йўналиш қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри томон давом эттирилди. Бу ерда саёҳатчилар асрлар силсиласига гувоҳ бўлган тарихий обидалар, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этиб келаётган масжид ва мадрасалар, шунингдек, миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган қадамжоларни зиёрат қилишди.
Айниқса, тарихий Самарқанд шаҳрида олиб борилаётган улкан ва замонавий бунёдкорлик ишлари, янгидан қад ростлаган йирик сайёҳлик марказлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Улар шаҳарнинг асрий тарихий руҳи билан уйғунлашиб кетган замонавий қиёфасидан ҳайратга тушишди.
Олти кун давом этган мазмунли ва таассуротларга бой ушбу саёҳат таълим ходимларининг нафақат мароқли ҳордиқ чиқаришига, балки уларнинг маънавий дунёқараши янада бойиб, келгуси меҳнат фаолиятларини кўтаринки кайфият ва янги куч-ғайрат билан давом эттиришларига хизмат қилди.
