Ширин шаҳрида умумтаълим мактаблари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди

Ширин шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишлаб, умумтаълим мактаблари ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу мусобақалар “Беш ташаббус олимпиадалари” доирасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида ташкил этилди.

Тадбирда умумий ҳисобда 162 нафар таълим соҳаси ходимлари фаол иштирок этдилар. Қувонарлиси, улар орасида 58 нафардан зиёди аёллар бўлиб, бу таълимда фаолият юритувчи аёлларимиз ҳам жисмоний тарбия ва спортга катта эътибор қаратаётганини кўрсатади.

Мусобақалар Мини футбол, Волейбол, Стол тенниси, Шахмат ва Шашка каби спорт турлари бўйича ўтказилди. Ҳар бир спорт турида иштирокчилар ғалаба учун кураш олиб боришди ва мусобақалар юксак руҳда, уюшқоқлик ҳамда жамоавийлик муҳитида ўтди. Спорт тадбирлари орқали ўқитувчилар ўртасида саломатликни мустаҳкамлаш, дўстона муҳитни кучайтириш ҳамда жамоавий ҳамкорликни ошириш мақсад қилинди.

Мусобақа якунида ўзининг ғайрат-шижоати ва юқори натижалари билан ажралиб чиққан 97 нафар ходим касаба уюшмалари томонидан совринлар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Уларнинг қаторида мусобақаларда фаол иштирок этган ва спортни ҳаёт тарзига айлантирган устозлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган 19 нафар эркак ва 11 нафар аёл иштирокчи келгусида ўтказиладиган вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу эса уларга ўз маҳоратини янада кенг майдонда намоён этиш имконини беради.

Шу тариқа, Ширин шаҳрида ўтказилган ушбу спорт мусобақалари нафақат саломатликни мустаҳкамлаш, балки таълим соҳасидаги ходимлар ўртасида бирдамлик ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилди. “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида ўтказилган тадбир, албатта, жисмонан соғлом ва маънан баркамол жамият пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шириш шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий