«Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил»: Фидокор тарбиячилар учун Самарқандга саёҳат



Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, ушбу сана доирасида ташкил этилган “Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги” доирасида Қашқадарё вилояти Косон туманида ҳам мазмунли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Косон туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида эзгу ташаббус ҳаётга татбиқ этилди. Унга кўра, тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фахрийлар, касаба уюшмаси фаоллари ва ёшлар учун Самарқанд шаҳрига маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг кўп асрлик тарихга эга обидалари, маданият ва маърифат масканлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Улуғбек обсерваторияси, Регистон майдони, Шоҳизинда мажмуаси каби дунё миқёсида машҳур бўлган тарихий ёдгорликлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Мазкур ташаббус нафақат таълим соҳасида фаолият юритувчи ходимларни моддий-маънавий рағбатлантириш, балки уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, тарихий меросга бўлган ҳурмат ва эътиборни оширишга ҳам хизмат қилди. Саёҳат иштирокчилари бундай ғамхўрлик учун касаба уюшмаси раҳбариятига самимий миннатдорликларини изҳор этдилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай маданий саёҳатлар педагог кадрларнинг кайфиятини кўтариш, улар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” ғоясини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Косон туман бўлинмаси кенгаши