“Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи ўтказилди

Амударё туманидаги таълим муассасалари ходимлари ўртасида ташкил этилган “Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Ушбу босқичда 116 нафар биринчи босқич ғолиблари иштирок этди.

Мазкур спорт мусобақалари умумтаълим, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагог-ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларнинг соғлом турмуш тарзига интилишларини рағбатлантириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ўтказиб келинмоқда. Бу йўналишда касаба уюшмалари томонидан турли ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Мусобақаларнинг асосий мақсади таълим муассасалари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга қизиқишни ошириш ва жамоатчиликда рақобат руҳини мустаҳкамлашдан иборатдир. Бу каби тадбирлар нафақат соғлиқни мустаҳкамлашга, балки жамоа аъзолари ўртасида ижобий муҳит яратишга, ишчи муҳитда самарадорликни оширишга ҳам хизмат қилади.

Мусобақа доирасида иштирокчилар футбол, волейбол, шахмат, югуриш ва бошқа спорт турлари бўйича беллашдилар. Барча иштирокчиларга туман халқ таълими бўлими ва касаба уюшмаси кенгаши томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, ғолибларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.

Бу каби спорт тадбирлари тизимли равишда йўлга қўйилиб, келгусида янада кенг қамровда ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори амалда ўзини тўлақонли оқлаётгани, муаллим ва мураббийларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати таълим жараёнига бевосита ижобий таъсир кўрсатаётгани амалда кўриниб турибди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Амударё туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий