Қурбон Ҳайити шукуҳи: Наманганда устозлар ва касаба уюшмаси аъзолари эъзозда



Яқинлашиб келаётган муборак Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Наманган шаҳар бўлинмаси томонидан эзгу ташаббус амалга оширилди. Унга кўра, таълим тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фидойи устозлар ҳамда бетоб бўлган касаба уюшмаси аъзоларининг ҳолидан манзилли равишда хабар олиниб, уларга байрамона кайфият улашилди.
Жумладан, Наманган шаҳридаги 75-сонли умумий ўрта таълим мактабида нақд 50 йил давомида ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган, айни пайтда 75 ёшни қарши олган меҳнат фахрийси, устоз О.Комоловга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Унга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини бепул тиклаб олиши учун махсус СЕРТИФИКАТ топширилди. Шунингдек, ушбу мактабда фаолият юритаётган бир қатор фаол касаба уюшмаси аъзолари ҳам муносиб тақдирландилар. Бу каби эътибор устознинг кўп йиллик фидокорона меҳнатига берилган юксак баҳо бўлди.
Меҳр-оқибат тадбирлари давом эттирилиб, Наманган шаҳридаги бир қатор таълим муассасаларининг ходимлари ва фахрийлари хонадонларига ҳам ташриф буюрилди:
- Наманган шаҳар 10-сонли умумий ўрта таълим мактабининг кутубхоначиси Ю.Дехқонбоева;
- 1943 йилда туғилган, кўп йиллар 12-сонли сиртқи мактаб директори лавозимида самарали фаолият кўрсатган меҳнат фахрийси, устоз И.Сайдуллаев;
- Наманган шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби ходимлари А.Халиков ва Р.Исақовлар;
- Наманган шаҳар 30-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти ходими Г.Давранова.
Ушбу хонадонларда бўлиб, уларнинг ҳол-аҳволи сўралди, байрам билан самимий қутловлар изҳор этилди ва эсдалик совғалари топширилди. Ташрифлар давомида устозлар ва фахрийлар ўзларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун чуқур миннатдорчиликларини билдирдилар.
Бу каби хайрли тадбирлар Қурбон ҳайитининг инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват каби эзгу қадриятларини янада кенгроқ намоён этишга, жамиятда ўзаро ҳурмат ва эътибор муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Устозларни қадрлаш, фахрийларнинг дуосини олиш ва касаба уюшма аъзоларини қўллаб-қувватлаш – эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайдиган эзгу амаллардир.
А.Умаров,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши