Меҳр улашиб: Бухорода ‘Касаба уюшмалари болаларга’ акцияси ўтказилди



1-июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан эзгу тадбир амалга оширилди. «Касаба уюшмалари болаларга» шиори остида ўтказилган ушбу хайрия акцияси доирасида Бухоро шаҳридаги 24-сонли «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчиларининг ҳолидан хабар олинди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши вакиллари «Нурли маскан» мактаб-интернатига ташриф буюриб, у ердаги болажонлар билан самимий суҳбатлашдилар, уларнинг ўқишлари ва қизиқишлари билан яқиндан танишдилар. Байрамона кайфият улашиш мақсадида тарбияланувчиларга кенгашнинг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Болажонларнинг юз-кўзидаги қувонч ва миннатдорчилик тадбирнинг нақадар аҳамиятли бўлганидан далолат бериб турарди.
Ушбу тадбир нафақат болажонларга моддий совға улашиш, балки уларга меҳр-эътибор кўрсатиш, жамиятнинг ажралмас бир бўлаги эканликларини ҳис эттириш, уларнинг қалбида эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» арафасида ўтказилган бу каби ташаббуслар ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бахтли ва бекаму-кўст улғайишлари учун шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунасидир.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши келгусида ҳам бу каби хайрия тадбирларини давом эттиришни, болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши