Янги Ўзбекистон болаларига эътибор: Шаҳрисабзда байрам тадбири ўтказилди



Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга юксак эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. 1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳам бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонда ўзғача руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланиши анъанага айланган.
Ана шундай қувончли кун муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан хайрли тадбир ташкил этилди. Тадбир доирасида шаҳардаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 30 нафар ишчи-ходимларнинг фарзандлари учун байрам дастурхони ёзилиб, уларга алоҳида эътибор кўрсатилди.
Тадбирда сўз олганлар болажонларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан самимий табриклаб, уларга соғлик-саломатлик, ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тиладилар. Таъкидланганидек, ҳар бир бола меҳр ва эътибор оғушида улғайишга ҳақли ва бу борада давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар беқиёсдир.
Байрамона руҳда ўтган тадбир якунида болажонларга касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тайёрланган байрам совғалари ҳамда маънавий озуқа бўлувчи бадиий китоблар тўпламлари тантанали равишда топширилди. Ушбу совғалар, айниқса, китоблар болаларнинг билимларини бойитишга, уларнинг маънавий дунёсини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўтказилган ушбу тадбир нафақат болажонларга қувонч улашди, балки уларнинг ота-оналари, таълим соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳам кўнглини кўтарди. Бу каби эзгу ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга, инсонпарварлик ғояларини кенг ёйишга ва энг асосийси, Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёш авлодга бўлган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар бўлинмаси кенгаши