Болаларнинг қувончи чексиз

Болалар – бизнинг келажагимиз, эртанги кунимизнинг эгаси. Уларга қанча эътибор берсак, меҳр кўрсатсак арзийди. Уларга ғамхўрлик кўрсатиш, меҳр бериш халқимизга хос улуғ фазилатлардан ҳисобланади.

1-июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” байрамини юқори савияда кутиб олиш мақсадида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан қатор хайрли тадбирлар режалаштирилган эди.

Ушбу байрам муносабати билан жорий йилнинг 30 май куни Нукус шаҳридаги касаба уюшмаси аъзоларининг мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган 255 нафар фарзандлари учун ажойиб байрам совғаси ҳозирланди. Болажонлар Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрига олиб борилди. Театрда кичкинтойлар учун режиссёрлар томонидан саҳналаштирилган “Сеҳрли олма” номли эртак-спектакль намойиш этилди. Қизиқарли саргузаштларга бой бўлган ушбу саҳна асари болажонларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Ўтказилган мазкур маданий тадбир болаларимизнинг қувончларига янада қувонч қўшиб, уларнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қоладиган, байрамга муносиб ва катта совға бўлди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Нукус шаҳридаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган бир қатор касаба уюшмаси аъзоларининг фарзандларига байрам муносабати билан моддий ёрдамлар ҳам кўрсатилди. Бу эса касаба уюшмасининг ўз аъзолари ва уларнинг оилаларига бўлган доимий эътибори ва ижтимоий қўллаб-қувватлашининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Таъкидлаш жоизки, Нукус шаҳрида “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган байрам тадбирлари давом этмоқда.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий