“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!”: Когонлик устозлар қишки таътилни Зоминда ўтказдилар

Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш, юртимизнинг диққатга сазовор жойларини оммалаштириш ҳамда ходимларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш борасидаги ишлар янги йилда ҳам қизғин давом этмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-257-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Когон шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан хайрли ташаббусга қўл урилди.

Устоз ва мураббийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга маънавий таскин бериш мақсадида 2026 йилнинг 6-7 январь кунлари “Ўзбекистон Швейцарияси” дея таърифланадиган сўлим Зомин туманига икки кунлик саёҳат ташкил этилди.

Қиш фаслининг бетакрор манзаралари оғушида ўтган ушбу саёҳат давомида педагоглар шаҳар шовқинидан узоқлашиб, табиат қўйнида мароқли дам олдилар. Зоминнинг виқорли тоғлари, шифобахш арчазорлари ва мусаффо ҳавоси устозларга ҳам руҳий, ҳам жисмоний тетиклик бағишлади. Шунингдек, жамоавий саёҳат ҳамкасблар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бу каби тадбирлар устозларнинг кайфиятини кўтариб, уларга янги куч ва ғайрат бағишлайди. Шубҳасиз, табиатдан завқ олиб, ҳордиқ чиқарган ўқитувчи ўз иш фаолиятини янгича илҳом ва самарадорлик билан давом эттиради.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Когон шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий