Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган спорт байрами: Бухорода волейбол мусобақаси ўтказилди

Бухоро туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – «Ватан ҳимоячилари куни» муносабати билан таълим соҳаси ходимлари ўртасида волейбол бўйича кескин ва қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 10-12 январь кунлари Бухоро туманидаги 3- ва 46-умумий ўрта таълим мактаблари спорт майдонлари байрамона руҳ билан тўлди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ушбу спорт мусобақаси соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва байрам кайфиятини улашиш мақсадида ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассислари ҳамда туман касаба уюшмаси кенгаши раиси иштирок этишди. Сўзга чиққанлар йиғилганларни яқинлашиб келаётган «Ватан ҳимоячилари куни» билан самимий муборакбод этиб, таълим фидойиларининг спортдаги фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Мусобақа давомида туман кенгаши тасарруфидаги ташкилот ходимларидан ташкил топган жамоалар ўзаро куч синашдилар. Ҳар бир ўйин қизиқарли баҳсларга ва кутилмаган вазиятларга бой бўлди. Жамоаларнинг ғалабага бўлган интилиши ва спортча шижоати кузатувчиларда катта таассурот қолдирди.

Якуний натижаларга кўра, энг юқори маҳорат кўрсатган ва ғолибликни қўлга киритган жамоалар ташкилотчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро туман кенгашининг қимматбаҳо эсталик совғалари тантанали равишда топширилди.

Бу каби маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари нафақат соҳа ходимларининг саломатлигини мустаҳкамлашга, балки улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва жамоавий руҳни янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий