Нукусда Ватан ҳимоячилари куни спорт мусобақалари билан қарши олинди

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида таълим соҳаси ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи оммавий спорт тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

14 январь – Ўзбекистон Республикаси Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан мактаб ходимлари ўртасида анъанавий спорт мусобақаси ташкил этилди. Нукус шаҳридаги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт базасида бўлиб ўтган ушбу беллашувлар ҳақиқий куч ва маҳорат майдонига айланди.

Мусобақа дастуридан ўзбек полвонларига хос бўлган спортнинг бир нечта турлари, жумладан, Армрестлинг (қўл жанги), Тош кўтариш ва Арқон тортиш бўйича баҳслар ўрин олди. Шаҳар бўлинмаси таркибидаги умумтаълим ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ўз жамоалари шарафини ҳимоя қилиш учун майдонга тушдилар.

Қизғин баҳс ва ўзаро муросасиз курашлар остида ўтган беллашувлар иштирокчиларнинг нафақат жисмоний тайёргарлигини, балки ғалабага бўлган иродасини ҳам синовдан ўтказди. Айниқса, жамоавий руҳни мустаҳкамловчи арқон тортиш мусобақаси кузатувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Барча иштирокчилар аҳил ва уюшқоқлик билан ҳаракат қилиб, спорт орқали байрам кайфиятини янада юксалтирдилар.

Мусобақа якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Кучли учликдан жой олган иштирокчилар ва жамоалар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан махсус дипломлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Бу каби тадбирлар соҳа ходимларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида дўстона алоқаларни боғлаш ва байрамни мазмунли ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий