Меҳнат муҳофазасида янги стандартлар: Ангрен туманида амалий ўқув-семинари ташкил этилди



Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар даврида ходимларнинг хавфсиз меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини замон талабларига мослаштириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Касаба уюшмалари тизимида ҳар ҳафтанинг сешанба куни «Бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам куни» этиб белгилангани соҳадаги муаммоларни жойида ўрганиш ва бартараф этиш имконини бермоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2026 йил 30 январдаги ИШ-09/120 сонли хати ижросини таъминлаш мақсадида навбатдаги амалий тадбир Ангрен туманида ўтказилди.
Ҳуқуқий кўмак ва методик қўллаб-қувватлаш
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Р.Юнусова ҳамда Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Д.Самарбековлардан иборат ишчи гуруҳ Ангрен туман бўлинма кенгаши ва унга аъзо бўлган 28-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлдилар.
Ташриф давомида асосий эътибор сўнгги йилларда меҳнат муҳофазаси йўналишида қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилишига қаратилди.
Ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, янгиланди
Ўрганишлар давомида бошланғич ташкилотлардаги мавжуд ҳужжатларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги таҳлил қилинди. Хусусан:
- Ўз кучини йўқотган норматив ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, амалдаги низомларга алмаштирилди;
- Иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилоти раисларига меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича услубий тавсиялар берилди;
- Меҳнат муҳофазаси бўйича ички низомларни янги стандартлар асосида мувофиқлаштириш ишлари олиб борилди.
Рақамлаштириш ва тезкор ахборот алмашинуви
Замон талабидан келиб чиққан ҳолда, соҳага оид барча янгиланган меъёрий ҳужжатлар ва қўлланмалар тумандаги барча ташкилотларга электрон кўринишда етказилди. Бу эса бошланғич ташкилотларнинг қоғозбозликдан халос бўлишига ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйишига хизмат қилади.
Ушбу амалий кўмак тадбири нафақат ҳужжатлар билан ишлаш, балки таълим муассасаларида фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Д.Самарбеков,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси
