Манфаатлар ҳимояси ва ижтимоий шериклик: Ютуқлар сарҳисоби ва янги режалар



Таълим муассасасида соғлом ишчи муҳитини яратиш, ўқитувчи ва ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда Жамоа шартномаси асосий ҳуқуқий пойдевор ҳисобланади. Шу йилнинг 19 февраль куни Олмазор туманидаги 133-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган умумий йиғилиш айнан шу мавзуга бағишланди.
Йиғилиш аввалида мактаб раҳбари Н.Ш.Зукурова ва мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Н.А.Рахматуллаева иштирокида 2023-2025 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномасининг 2025 йил якуни бўйича бажарилиш ҳолати таҳлил қилинди.
Ҳисобот даврида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, уларга муносиб иш шароитларини яратиш ва ижтимоий кафолатларни кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан:
- Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши;
- Ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш;
- Ижтимоий кўмакка муҳтож аъзоларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда ижобий кўрсаткичларга эришилган.
Тадбирнинг иккинчи қисмида навбатдаги уч йиллик давр учун ишлаб чиқилган янги Жамоа шартномаси лойиҳаси муҳокама марказида бўлди. Замон талаблари ва янгиланган меҳнат қонунчилиги асосида тайёрланган ушбу ҳужжат ходимларнинг ижтимоий фаровонлигини янада оширишни кўзда тутади.
Муҳокамалар жараёнида касаба уюшма аъзолари фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Ҳар бир фикр атрофлича ўрганилиб, ходимлар учун қўшимча имтиёзлар ва қулайликлар яратиш мақсадида лойиҳага киритилди.
Очиқ ва шаффоф руҳда ўтган йиғилиш якунида, билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда, 2026-2028 йилларга мўлжалланган янги Жамоа шартномаси бир овоздан маъқулланди ва тасдиқлаш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Бу каби ҳужжатларнинг қабул қилиниши нафақат ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди, балки жамоада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаб, таълим сифатининг ошишига хизмат қилади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олмазор туман бўлинмаси кенгаши
