Шофиркон туманида меҳнат жамоасининг ижтимоий ҳимояси сарҳисоб қилинди

Таълим муассасаларида маънавий муҳит барқарорлиги ва иш самарадорлиги, аввало, ходимларга яратилган шароитлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлик даражасига боғлиқ. Жорий йилнинг 20 февраль куни Шофиркон туманидаги 26-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида айнан шу масалалар диққат марказида бўлди.

Анжуманда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ж.В.Яратов, туман кенгаши раиси А.К.Раҳмонова ҳамда мактаб жамоаси вакиллари иштирок этдилар.

Кун тартибидаги асосий масала — 2023–2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси юзасидан таълим ташкилоти директори Н.Қудратов ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси М.Мусаеваларнинг ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг далолатномаси кўриб чиқилиб, тасдиқланди. Ўтган давр мобайнида ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, соғлиғини тиклаш ва моддий рағбатлантириш борасида амалга оширилган ишларга таяниб, касаба уюшмаси қўмитасининг фаолияти «қониқарли» деб баҳоланди.

Йиғилишда мактаб маъмурияти ва бошланғич касаба уюшмаси ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномасини қабул қилиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Янги ҳужжат лойиҳаси ходимларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида бойитилган бўлиб, унда ишчи-хизматчилар учун қўшимча имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар кўзда тутилган.

Муҳокама якунида янги жамоа шартномаси бир овоздан қабул қилинди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар имзоланди.

Тадбир якунида Республика кенгаши вакили Ж.В.Яратов сўзга чиқиб, тизимда амалга оширилаётган янгиланишлар, айниқса, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш борасидаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. У ташкилот жамоасининг аҳиллиги ва меҳнат интизомини алоҳида эътироф этиб, келгуси фаолиятда муваффақиятлар тилади.

Бу каби учрашувлар таълим соҳаси вакилларининг ўз касбига бўлган меҳрини ошириш билан бирга, ижтимоий шериклик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Добавить комментарий