Шаҳрисабз туманида ижтимоий шериклик: Ходимлар манфаати — бош мезон

Таълим соҳаси вакилларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда жамоа шартномалари энг муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан 29-сонли умумий ўрта таълим мактабида меҳнат жамоасининг навбатдаги умумий йиғилиши ўтказилди.

Анжуманда ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси уч йиллик фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала — 2023–2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси бўлди. Мактаб маъмурияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳисоботлари тингланар экан, ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда соғлиғини тиклаш борасидаги бандларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамалар давомида жамоа аъзолари томонидан жамоа шартномасида белгиланган тадбирларнинг ижроси юқори баҳоланди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида 2026–2028 йиллар учун мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Янги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда ходимларнинг таклифлари, меҳнат қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ва таълим ходимлари учун яратилаётган қўшимча имтиёзлар инобатга олинган.

Муҳокама давомида жамоа аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишди. Янги жамоа шартномаси ходимларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Бу каби йиғилишлар меҳнат жамоасида шаффофликни таъминлаш ва иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, ходимнинг ҳуқуқий ҳимояси кучли бўлган жойда иш унумдорлиги ва таълим сифати ҳам юқори бўлади.

Добавить комментарий