Илм-фан фидоийлари эътиборда: Шарқшунослик институтида жамоа шартномаси ижроси сарҳисоб қилинди



Илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган олимлар ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини мустаҳкамлаш илм-фан ривожининг муҳим омилларидан биридир. 2026 йил 26 февраль куни Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ана шу масалаларга бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуманда институт маъмурияти ва касаба уюшмаси ўртасида 2024–2026 йиллар учун имзоланган Жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан институт директори ўринбосари С.Жумаев ва касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Ходжаевларнинг ҳисоботлари тингланди. Маърузачилар ўтган йил давомида ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, соғлиғини тиклаш, моддий рағбатлантириш ҳамда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, жамоа шартномаси бандларининг ижроси нафақат маъмурий, балки ижтимоий масъулият сифатида кўрилиб, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси тўлиқ таъминланган.
Ҳисоботлардан сўнг далолатнома комиссиясининг ахбороти ўқиб эшиттирилди. Муҳокамаларда сўзга чиққан институт ходимлари ва илмий ходимлар ўтган давр мобайнида касаба уюшмаси ва маъмурият томонидан олиб борилган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Сўзга чиққанлар институтдаги соғлом маънавий муҳит, ходимларга кўрсатилаётган ижтимоий кўмак ва яратилган замонавий иш шароитларини эътироф этиб, амалга оширилган ишларни «қониқарли» деб топишни таклиф қилдилар.
Йиғилиш якунида жамоа шартномасининг қолган даври учун белгиланган вазифаларни сифатли ижро этиш, ходимларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини янада самарали ташкил этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бу каби ҳисобот учрашувлари илмий жамоада жипсликни мустаҳкамлашга ва ҳар бир ходимнинг меҳнати муносиб қадрланишини таъминлашга хизмат қилади.
