Мурувват ва саховат: Гематология марказидаги болажонлар йўқланди

Муборак Рамазон ойи — қалбларда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат туйғулари жўш урадиган палла. Айниқса, кўмакка муҳтож инсонлар, хасталик билан курашаётган болажонлар ҳолидан хабар олиш халқимизга хос энг эзгу фазилатлардан биридир.

Жорий йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар бўлимида ана шундай меҳр ва мурувватга йўғрилган хайрия тадбири ташкил этилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги «Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–67-сонли қарори ҳамда давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган байрам табригидаги эзгу ғоялар ижроси доирасида ўтказилди.

Шундай шиор остида ўтган тадбирда асосий эътибор оғир хасталикка қарши матонат билан курашаётган болажонларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Касаба уюшмаси вакиллари томонидан жажжи беморлар учун:

  • Кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган буюмлар;
  • Махсус тиббий анжомлар;
  • Болажонлар қалбига олам-олам қувонч бағишловчи совғалар ва ўйинчоқлар топширилди.

Тадбирнинг моҳияти фақатгина моддий кўмак бериш билан чекланиб қолмади. Асосий мақсад — шифохонада даволанаётган болаларнинг руҳиятини кўтариш, уларда касалликни енгишга бўлган ирода ва тезроқ соғайиб кетишга бўлган ишончни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Болажонларнинг юзидаги табассум ва уларнинг қувончи тадбир иштирокчилари учун энг катта мукофот бўлди.

Бу каби хайрия тадбирлари жамиятимизда жипсликни, инсонийликни ва ўзаро ёрдам туйғуларини янада кучайтиришга, муборак ойнинг файзу баракасини ҳар бир хонадон ва қалбга етказишга хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий