Когон шаҳрида ижтимоий шериклик масалалари диққат марказида



Когон шаҳридаги 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлган жамоа шартномаси ижроси ва янги режалар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг навбатдаги ҳисобот йиғилиши Когон шаҳар 9-ДМТТ меҳнат жамоасининг фаол иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда ташкилотнинг 36 нафар ходими жам бўлиб, ўзларининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган энг муҳим ҳужжат — жамоа шартномасининг бажарилишини кўриб чиқдилар.
Йиғилишнинг аҳамиятини ошириш мақсадида тадбирда юқори турувчи ташкилот вакиллари, жумладан, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассиси И. Ходжаев ҳамда Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Р. Носирова иштирок этдилар. Меҳмонлар соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича янги имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.Ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси Чарос Отабековна Ярашова ҳисобот даврида амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб ўтди.
Йиғилиш давомида ходимларнинг иш ва дам олиш шароитларини яхшилаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ҳамда жамоа аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириш борасида эришилган натижалар таҳлил қилинди.
Муҳокамалар якунида 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси меҳнат жамоаси томонидан қўллаб-қувватланди. Бу каби учрашувлар мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларнинг манфаатларини изчил ҳимоя қилишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
